Россия ва Ўзбекистон меҳнат миграцияси бўйича битим имзолади. Томонлар қандай мажбуриятларни олди?

Россия ва Ўзбекистон меҳнат миграцияси бўйича битим имзолади. Томонлар қандай мажбуриятларни олди?

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Россияга давлат ташрифи доирасида кўплаб давлатлараро ва ҳукуматлараро битим ва шартномалар имзоланди. Уларнинг бири “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ташкилий жалб этиш ва ишга қабул қилиш тўғрисида” Битимдир.

Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ҳукуматлари мазкур Битмни имзолар экан, Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида давлатлараро муносабатларнинг асослари, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида 1992 йил 30 майдаги Шартнома, Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида стратегик шерикчилик тўғрисида 2004 йил 16 июндаги Шартнома, ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги доирасида 1994 йил 15 апрелда имзоланган меҳнаткаш-мигрантларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Битим, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги меҳнаткаш-мигрантлари-фуқароларининг ва Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги меҳнаткаш-мигрантлари-фуқароларининг меҳнат фаолияти ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида 2007 йил 4 июлдаги Битимга асосландилар.

Сир эмас, анчадан буён ишчи кучи ҳаракатланиши жараёнларини тартибга солиш ва ҳуқуқий тартибга солишни янада такомиллаштириш зарурияти мавжуд эди. Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган меҳнаткаш-мигрантларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниши зарур эди. 

Битим Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ташкилий жалб этиш ва ишга қабул қилиш бўйича Томонлар ҳамкорлигининг тартиби ва шартларини белгилаб беради.
Битимни амалга ошириш учун масъул ваколатли органлар қуйидагилардан иборат: Ўзбекистон Республикаси учун – Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги; Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик); Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги; Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги; Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Россия Федерацияси учун – Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги; Россия Федерацияси Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги; Меҳнат ва бандлик бўйича Федерал хизмат; Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлиги Россия Федерацияси Таълим ва фан вазирлиги; Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Меҳнаткаш-мигрантларни ташкилий жалб этиш ва ишга қабул қилишни амалга оширишда ўз ваколатлари доирасида Россия Федерацияси Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги, Меҳнат ва бандлик бўйича Федерал хизмат Россия Федерацияси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда: ишчиларга эхтиёжи бўлган Россия иш берувчилари, бўш иш ўринлари ва вакант лавозимлар, иш хусусияти, иш ҳақи, иш режими, таълим, касбий билимлар, кўникмалар, иш стажига бўлган малака талаблари, иш берувчи томонидан чет эллик ишчига тақдим этиладиган қўшимча ижтимоий кафолатлар тўғрисида ахборотни ахборот-таҳлилий тизимда жойлаштириш бўйича фаолиятни ташкиллаштиради; меҳнат қонунчилиги ва меҳнат ҳуқуқи нормалари мавжуд бўлган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади.

Комплекс имтиҳонлар ўтказиш ва тегишли сертификат бериш мақсадида Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширишни режалаштираётган хорижий фуқаролар учун комплекс имтиҳонлар ўтказувчи ташкилотлар Ўзбекистон Республикаси ташкилотлари билан битимлар тузишлари мумкин.

Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги ўз ҳудудий органларининг меҳнаткаш-мигрантларга Россия Федерацияси қонун ҳужжатларига мувофиқ рухсатнома расмийлаштириш ва бериш бўйича фаолиятини ташкиллаштиради ҳамда миграция соҳасида федерал давлат назоратини амалга оширади.

Ўзбекистон Републикаси Ташқи меҳнат миграцияси масалалари Агентлиги Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Россия Федерациясида меҳнаткаш-мигрантларни ташкилий жалб этиш ва ишга қабул қилиш тартибида ишга жойлаштириш имкониятлари ҳақида хабардор қилинишини амалга оширади; тегишли малака ва иш тажрибасига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари орасидан номзодлар танловини амалга оширади; Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширишни режалаштираётган хорижий фуқаролар учун Россия Федерацияси қонун ҳужжатларига мувофиқ комплекс имтиҳонлар ўтказувчи ташкилотлар билан ҳамкорликни амалга оширади; вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширишни режалаштираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Россия Федерацияси Таълим ва фан вазирлиги комплекс имтиҳонларни топшириш бўйича тавсия этган ўқув-услубий материалларга мувофиқ ўқитади; ишга жойлаштиришга номзодлар тиббий кўрикдан ўтишини ташкиллаштиради; иш берувчилар билан талаб этилаётган малака ва тажрибага эга бўлган номзодларни, шунингдек меҳнат шартномалари лойиҳаларини келишади; шунингдек, меҳнаткаш-мигрантларнинг ташкилий жалб этиш тартибида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш жойига қадар етиб боришини ташкиллаштиради.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ишга жойлаштиришга номзодларда рухсатнома (патент) олишга тўсқинлик қилувчи касалликлар мавжуд бўлиши ҳолатларининг олдини олиш мақсадида уларнинг соғлиғи ҳолати назоратини амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ишга жойлаштиришга номзодларни уларнинг халқаро ёки давлатлараро қидирувда эканлиги, шунингдек чиқишига тўсқинлик қилувчи бошқа сабаблар; Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Россия Федерацияси ҳудудида ҳам жиноят деб тан олинадиган жинояти учун тугалланмаган ёки олиб ташланмаган судланганлигининг мавжудлиги бўйича текширади. 

Иш берувчи бўш иш ўринлари ва вакант лавозимлар, шу жумладан иш ҳақи, иш режими, таълим, касбий билимлар, кўникмалар, иш стажига бўлган малака талаблари, иш берувчи томонидан тақдим этиладиган қўшимча ижтимоий кафолатлар тўғрисида ахборотни ахборот-таҳлилий тизимда Россия Федерацияси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жойлаштиради.

Иш берувчининг меҳнаткаш-мигрантларни ташкилий жалб этиш ва ишга қабул қилишда иштирок этишининг мажбурий шартлари зарурий санитария-гигиена ва бошқа меъёрларга мувофиқ яшаш жойлари, меҳнатнинг хавфсиз шартлари ва меҳнатни қўриқлаш, шунингдек иш жойларида техника хавфсизлигини таъминлаш; Россия Федерацияси қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам даражадан кам бўлмаган кафолатланган меҳнат ҳақи беришдир.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ташкилий жалб этиш ва ишга қабул қилиш учун иш берувчи жўнатувчи ташкилот билан ташкилий жалб этиш ва ишга қабул қилиш тўғрисида шартнома тузади. Иш берувчи ва меҳнаткаш-мигрант Россия Федерацияси қонун ҳужжатларига риоя қилишлари лозим. Меҳнаткаш-мигрантлар Россия Федерацияси қонун ҳужжатлари ва меҳнат шартномаси шартларига мувофиқ дам олиш ҳуқуқига эга. Меҳнаткаш-мигрантлар иш берувчи билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг расмий байрам кунларида меҳнат фаолиятидан озод қилинишлари мумкин.

Меҳнаткаш-мигрантларнинг Россия Федерацияси ҳудудидаги тиббий таъминоти Россия Федерацияси қонун ҳужжатлари ва Томонлар давлатлари иштирокчи бўлган халқаро шартномаларда белгиланган тартибда амалга оширилади. Меҳнаткаш-мигрантларнинг даромадини солиққа тортиш Россия Федерацияси қонун ҳужжатларига ва Томонлар давлатлари иштирокчи бўлган солиққа тортиш соҳасидаги халқаро шартномаларга мувофиқ амалга оширилади.

Меҳнаткаш-мигрантлар Россия Федерацияси қонун ҳужжатларида белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга. Меҳнаткаш-мигрантлар Россия Федерацияси қонун ҳужжатлари ва Томонлар давлатлари иштирокчи бўлган халқаро шартномаларга мувофиқ ижтимоий суғурта (мажбурий тиббий суғуртадан ташқари) ва пенсия таъминоти ҳуқуқига эга.

Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса ёки касб касаллигига чалиниш натижасида меҳнаткаш-мигрант вафот этган ёки соғлиғига шикаст етган тақдирда тегишли товон пули Россия Федерацияси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўланади. Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса ёки иш берувчининг айби билан касб касаллигига чалиниш натижасида меҳнаткаш-мигрант вафот этган ёки соғлиғига шикаст етган тақдирда, иш берувчи меҳнаткаш-мигрантни Ўзбекистон Республикасига қайтариш ёки жасадни ташиш билан боғлиқ харажатларни қоплайди. Меҳнаткаш-мигрант вафот этган тақдирда иш берувчи ўлим факти бўйича материалларни тақдим этган ҳолда бу ҳақда жўнатувчи ташкилотни дарҳол хабардор қилади.

Битим Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги меҳнат миграцияси жараёнларини қонуний оқимга солиш имкониятини яратади, иккала мамлакат фуқароларининг манфаатларига хизмат қилади, меҳнаткаш-мигрантларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя этади, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларни кафолатлайди, шунингдек одам савдосининг ривожланишига сабаб бўладиган ноқонуний миграциянинг олдини олади.

Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги

Hilol.uz'нинг Telegram каналига қўшилинг

Энг кўп ўқилганлар

Бизни кузатинг

Реклама