Терактнинг “фойдаси”

Терактнинг “фойдаси”

Бошиданоқ айтиб қўяй: ҳеч нимага шама қилиш ёки терроризмга қарши курашнинг аҳамиятини пасайтириш ниятида эмасман. Санкт-Петербург метросидаги портлаш ва Россия шунчаки мисол, холос. Қуйида ёзганларим ғирт субъектив фикларимдир, улар тўғри ҳам, нотўғри ҳам бўлиши мумкин. 

Сарлавҳани ўқибоқ, ҳойнаҳой, хаёлингизга шундай савол келгандир: “Терактнинг ҳам фойдаси бўларканми?” 

Келинг, шу саволга жавоб излаб кўрамиз. 

Шундай қилиб, кеча Санкт-Петербург метросида портлаш содир бўлди. Бир неча киши ҳалок бўлди, ўнлаб кишилар яраланди. Албатта, қайғули ҳодиса. Кўча-кўйда аҳмоқона терактнинг қурбони бўлишни ҳатто душмаганимга ҳам тиламайман. Аммо, на чора: қурбонлар одатда оддий халқ орасидан бўлади. 

Кечадан бери нафақат Россия, балки дунё оммавий ахборот воситалари Санкт-Петербургдаги портлаш ҳақида гапиряпти. 

Давлатлар раҳбарлари президент Владимир Путин ва Россия халқига ҳамдардлик билдиряпти.   

Ҳаммани қизиқтирган бир савол бор: портлашни ким амалга оширди?

Маҳаллий нашрлар кечанинг ўзида соқолли бир одамнинг расмини тарқатиб, асосий гумондор эканини ёза бошлади. Аммо ўша соқоллининг ўзи полиция бўлимига келиб, терактга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтибди. 

Энди бошқа версия тарқатиляпти – асосий гумондор асли қирғизистонлик, Россия фуқароси Акбаржон Жалилов эмиш. 

Бундан кейинги гап-сўзларни тахмин қилиш қийин эмас: Дума депутатлари ва аллакимлар яна миграция қоидаларини қатъийлаштириш, меҳнат мигрантларига чекловлар қўйиш, Марказий Осиё мамлакатларига виза тартибини жорий этиш ҳақида вайсай бошлайди. 

Ўша Акбаржон Жалилов деганларининг дўстлари, яқинлари ҳибсга олиниши ва сўроқ қилиниши мумкин. 

Теракт ташкилотчиси ё топилади, ёки топилмайди. 

Тахминлар, қидирувлар, ҳибсга олишлар. 

Россия раҳбарияти терроризмни қоралаб чиқишлар қилади, террорга қарши қатъий курашни давом эттиришини айтади. 

Марказий нашрлар, телеканаллар бу портлаш билан боғлиқ тафсилотларни, террорга қарши курашнинг аҳамиятини ҳафталаб, ҳатто ойлаб, кўп ва хўп гапиради. 

Хуллас, Россияда энди асосий мавзу – Санкт-Петербург метросидаги портлаш.  

Бир ҳафта олдинги асосий мавзу эсингиздами? Россия Бош вазири Дмитрий Медведев билан боғлиқ коррупция можароси!

Ҳа, мухолифатчи Алексей Навальний Бош вазир коррупцияга аралашганини иддао қилди ва бир ҳафта олдин Россия бўйлаб минглаб одамлар норозилик намойишига чиқди. Ҳамма Дмитрий Медведевнинг Италиядаги мол-мулки ва мамлакат раҳбарларининг қулоғигача порахўрлик ботқоғига ботгани ҳақида гапира бошлади. 

Аммо Дима акага барибир эди: норозилик намойишлари бўлаётган кун у маза қилиб чанғи учаётганди. Кейин ҳам бу айбловларга қарши миқ этиб қўймади. 

Энди нима бўлади? 

Энди Дмитрий Медведев билан боғлиқ коррупция можароси маълум бир муддатга, балки буткул унутилади. Бу мавзу кун тартибидан тушди. Алексей Навальний деганлари ҳали-бери ҳеч кимнинг эсига келмайди, энди ижтимоий-иқтисодий муаммолар иккинчи планда. Тўғри-да, бу ёқда теракт бўлиб, одамлар ўлган, коррупциягаю иқтисодий муаммога бало борми?..

Хуллас, баъзи терактлар ёки йирик кўнгилсиз ҳодисалар шундай пайтда содир бўладики, мамлакат кун тартибидаги асосий мавзу бирданига ўзгаради. Бундай ўзгариш ҳукуматлар ва сиёсатчиларнинг фойдасига хизмат қилиши ҳам мумкин. Масалан, Дмитрий Медведевнинг қулоғи анчагача тинч турадиган бўлди. 

Нилуфар Адҳамова

Hilol.uz'нинг Telegram каналига қўшилинг

Сўнгги янгиликлар

Бизни кузатинг

Реклама